Юрак аритмиялари бўлими хар-хил турдаги ритм ва ўтказувчанлик бузилишларига тегишли долзарб муаммолар билан шуғулланади. Бўлимда миокард инфарктини ўтказган беморларга алоҳида эътибор берилмоқда, чунки бу касаллик кўпинча хар хил турдаги ритм бузилишлар билан асоратланади ва касаллик оғир кечишидан далолат беради. Сўнги йилларда Q тўлқинли миокард инфаркти билан хасталанган беморларда тўсатдан ўлим хавф омиллари, миокард инфаркти рецидивлари, сурункали юрак етишмовчилиги ривожланишини аниқловчи прогностик алгоритимлар, юқори самарали даволаш схемалари ва бўлмачалар фибриляцияси профилактикаси ишлаб чиқарилмоқда. Юрак аритмиялари бўлими замонавий функционал-диагностик асбоб ускуналар (24-соатли ЭКГ мониторинг, тредмил-тест, бўлмачаларни қизилунгач орқали электр стимуляцияси, нейрогуморал ва психологик текширувлар) билан жиҳозланган.

Юқори сифатли кадрлар халқаро стандартларга асосланган текширувлар ва даволаш чора тадбирларини амалга оширишмокда. Мазкур бўлим Ўрта Осиёда ягона тиббий бўлинма бўлиб, асосий илмий-амалий изланишлар хар-хил турдаги ритм ва ўтказувчанлик бузилишларини ташхислаш, патогенетик механизмларини ўрганиш ва янги даволаш усулларини яратишга қаратилган.

Кўпчилик холатларда тўсатдан юрак уриб кетиш хуружлари (пароксизмал тахиаритмия), ёш ва ўрта ёшдаги беморларда кузатилади. Қисқа муддатли хушдан кетиш холатларини келтириб чиқарадиган сабабларни мазкур лабораторияда аниқлаш имконияти мавжуд. Афсуски, фонендоскоп, тонометр, электрокардиограф ва баъзи холларда ЭхоКС билан чекланган врачлар мазкур белгларни аниқлай олишмайди.

Хар-хил ритм ва ўтказувчанлик бузилишларини самарали ташхислаш учун қуйдаги махсус текширув усуллари зарур:

  • ЭКГни 24 соатлик Холтер мониторлаш;
  • Юрак ритми вариабеллигини ўрганиш;
  • Велоэргометрда ёки югуриш йўлакчасида юкламали синамалар ўтказиш;
  • Қизилўнгач орқали электр стимуллаш;
  • Шахсни психологик профилини ўрганиш.

Бўлимда қисқа вакт ичида зарур бўлган барча текширувлар, самарали антиаритмик давони танлаш ва асосий касалликни даволаш чора тадбирлари амалга оширилади. Илмий унвонга (тиббиёт фанлари доктори ва номзоди) ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар, лабораторияда ўз иш фаолиятларини олиб бормоқдалар.