Марказ янгиликлари

Image
  • 26.07.2021

Мутасаддилар беморлар холидан мунтазам хабар олмоқда

МУТАСАДДИЛАР БЕМОРЛАР ХОЛИДАН МУНТАЗАМ ХАБАР ОЛМОҚДА

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятда пандемия оғир оқибатларининг олдини олиш, коронавирус ва пневмонияга чалинганларга тезкор, сифатли  ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори, сенатор Хуршид Фозиловнинг кўмаги катта бўлмоқда.  Малакали мутахассис қарийб бир ойдирки, республика соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғи асосида Хоразм вилоятида бўлиб, коронавирусга қарши курашда фаол иштирок этиб келмоқда. 

Сенатор Хуршид Фозилов, Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Иноят Ҳажиев, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов ҳар куни коронавирус билан хасталанган беморлар холидан хабар олмоқда. Саралаш ва тақсимлаш, реанимация бўлимларидаги шароитлар, даволаш жараёнлари билан танишиб, зарур ҳолларда беморлар консилиумдан ўтказилмоқда. 

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида беморлар қисқа фурсатда коронавирусни енгиб, оилалари бағрига соғ-саломат қайтишмоқда.  Бундан ташқари, бирламчи тиббиёт муассасаларидаги эмлаш жараёнлари, уй шароитида коронавирусдан даволанаётган беморлар саломатлиги ҳам назорат қилиб борилмоқда. Вилоят телевидениеси ва радиоси орқали тўғридан тўғри эфирда очиқ мулоқотлар уюштирилиб, аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб қайтариляпти. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва барча туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларда Call марказлари ташкил қилинган. Бирламчи тиббиёт муассасалари фаолияти узлуксиз равишда кеча-кундуз навбатчилик асосида йўлга қўйилган. Бу каби чора-тадбирлар натижасида вилоятда коронавирус ва пневмония оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилмаяпти, касалланиш кўрсаткичлари нисбатан кам.

Бугун ҳам  Хуршид Фозилов бошчилигида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Иноят Ҳажиев, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов ва мутасадди ходимлар саралаш ва тақсимлаш, реанимация бўлимларида бўлиб, беморлар ва уларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлдилар,  яратилган шароитлар билан танишиб, шифокорларга  ва беморларга тегишли тавсиялар бердилар.

Манбаа: Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати