Марказ ҳақида

 

РЕСПУБЛИКА ИХТИСОЛАШТИРИЛГАН КАРДИОЛОГИЯ ИЛМИЙ АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИ (РИКИАТМ)  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислох қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-3214 26 февраль 2003-сонли Фармони ва Вазирлар Махкамасининг 2003 йил 17 мартдаги 140-сонли Қарорига асосан Кардиология илмий текшириш институти ва 15 – шаҳар клиник касалхонаси негизида барпо этилган.

РИКИАТМ ташкил этилишининг асосий мақсади халқаро стандартлар даражасида ахолига малакали кардиологик ёрдам кўрсатиш, кардиологик беморларни даволаш ва диагностика қилишнинг замонавий усулларини соғлиқни сақлаш амалиётига тадбиқ этишдан иборат.

 

РИКИАТМнинг асосий вазифалари:

- замонавий диагностика усулларини жорий этиш ва юрак-қон томир тизими касалликларига чалинган беморларга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

- мавжуд тиббиёт ускуналари ва жиҳозларини доимий равишда янгилаб туриш ва модернизация қилиш, марказни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, жаҳон ютуқлари даражасида ихтисослашган юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга имкон бериш;

- асосий юрак-қон томир касалликлари (юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, юрак ритмининг бузилиши, артериал гипертензия) билан касалланган беморларнинг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича ўз илғор усул ва технологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

- артериал гипертензия, юрак томирлари касаллиги ва уларнинг ривожланиш хавф омиллари (чекиш, жисмоний ҳаракатсизлик, спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш, ортиқча вазн ва бошқалар) олдини олиш бўйича Республика мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;

- етакчи кардиологик тиббиёт муассасалари ва марказлари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, Марказ тиббиёт ходимларининг малакасини доимий равишда ошириш ва такомиллаштириш.